Ўзбекистон Президенти Ҳиндистон Президенти ва Бош вазирига ҳамдардлик билдирди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натх Ковинд, Бош вазир Нарендра Моди ва дўст Ҳиндистон халқига Кожикоде аэропортида (Керала штати) самолёт ҳалокати оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.
Давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий таъзия ҳамда ҳамдардлик сўзларини етказди, шунингдек, жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.
Аввал хабар берганимиздек, 7 август куни ҳалокатга учраган самолёт бортида 191 киши, шу жумладан экипаж аъзолари ҳам бўлган.
Сўнгги маълумотларга кўра, 20 киши ҳалок бўлган, шунинг баробарида икки нафар учувчи ҳам, 140 йўловчи турли даражадаги тан жароҳати билан маҳаллий шифохоналарга етказилган.
Ҳалокат вақтида аэропорт ҳудудида кучли ёмғир ёғган. Самолёт эса Дубайдан эвакуация парвозини амалга ошираётган бўлган.