“Туризм фидойиси” кўкрак нишонини бериш тартиби тасдиқланди
Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш ва оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ходимлари, жамоат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда чет элдаги ватандошлар хизматлари ва фаол тарғибот ишлари учун кўкрак нишони билан тақдирланади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабарида келтирилишича, кўкрак нишони билан тақдирлаш учун ҳужжатларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби қуйидагича белгиланди:
- маҳаллий даражадаги давлат органлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлик субъектлари ҳар йили 1 августга қадар ўз ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни тегишлича Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига тақдим этади;
- Республика даражасидаги давлат органлари, хориждаги дипломатик ваколатхоналар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва ташкилотлар ҳар йили 1 августга қадар ўз ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Қўмитага тақдим этади.
Бунда номзод бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзоднинг маълумотномаси ҳамда сўнгги уч йил давомида у томонидан туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар тақдим этилади.
Қўмита раиси томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича Комиссия ташкил этилади. Комиссия йиғилишида номзодларга оид ҳужжатлар ўрганилиб, ҳар йилнинг 15 сентябрига қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса чиқарилади.
Комиссия хулосаси асосида Қўмита раисининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 20 сентябрга қадар тақдим этилади.
Кўкрак нишони “Бутунжаҳон туризм куни” – 27 сентябрда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ёки унинг номидан ва унинг топшириғига кўра бошқа масъул шахслар томонидан тантанали равишда топширилади.
“Туризм фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати Қўмитанинг расмий ва соҳавий веб-сайтларида ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти олади. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта тақдирланади.