Ўзбекистон элчиси АҚШ махсус топшириқлар бўйича элчиси билан диний эркинликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШнинг диний эркинлик масалалари бўйича махсус элчиси Сэм Браунбэк билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири.
Мулоқотда мамлакатимизда диний эркинликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон элчихонасининг хабар беришича, АҚШ Давлат департаменти вакили мамлакатимизда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштириш мақсадида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни, шунингдек, халқаро экспертлар билан биргаликда "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳаракатларини олқишлади.
Элчи Сэм Браунбэк, шунингдек, Қурбон ҳайити арафасида Ички ишлар вазирлигининг барча учун диний эркинликни таъминлашга содиқлиги тўғрисидаги баёнотини юқори баҳолади.
— Ўзбекистон томонидан ташланаётган ижобий қадамлар, жумладан, болалар қариндошлари билан масжидга бориши мумкинлиги ҳақидаги оммавий эълонни эшитганимдан жуда мамнунман, — деди Сэм Браунбэк. —Биз келгуси қадамлар, жумладан, диний эркинлик ва диний сабабларга озодликдан маҳрум этилганларни озод қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг қайта кўриб чиқилишини кутяпмиз.
Элчихона хабарига кўра, 16 ноябрь куни диний эркинликлар бўйича навбатдаги вазирлар конференцияси Польша пойтахти Варшавада ўтказилиши режалаштирилган. Элчи Сэм Браунбэк Ўзбекистон делегациясининг халқаро конференцияда иштирок этишига ва «диний эркинликни очиқ ва инклюзив жамиятда тарғиб қилиш модели»нинг намойиш қилинишига умид билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси ташқи ишлар вазири даражасида 2018 ва 2019 йилларда Вашингтонда бўлиб ўтган иккита конференцияда иштирок этган.
2018 йилда АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни «диний эркинликлар билан боғлиқ алоҳида хавотирли давлатлар» рўйхатидан чиқарди. Жорий йилнинг июнь ойида диний эркинлик тўғрисидаги навбатдаги маърузани эълон қилиш пайтида АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистонни ривожланиб бораётган давлатлар қаторида алоҳида қайд этиб, бу мамлакат «диний эркинликлар билан боғлиқ вазиятни яхшилаш учун жиддий қадамлар қўйган ва бу қадамлар давом этмоқда» деб таъкидлади.