Ўзбекистон ва Беларусь Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 август куни Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Александр Лукашенкони бўлиб ўтган Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклаб, унга Беларуснинг барқарор тараққиёти ва равнақини таъминлаш йўлида янги зафарлар тилади.
Икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги анъанавий яқин ҳамкорликка доир долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали алоқалар, аввало савдо-иқтисодий соҳадаги амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Олий даражадаги келишувларни ўз вақтида амалга ошириш, икки мамлакат етакчи корхоналарининг кооперацияси бўйича истиқболли лойиҳаларни илгари суриш ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини кенгайтириш мақсадида ўзаро мулоқотни, шу жумладан қўшма Ҳукуматлараро комиссия доирасида фаоллаштиришга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти