Ўзбекистон, АҚШ ва Афғонистон делегациялари уч томонлама комиссиянинг биринчи йиғилишида хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди
Бугун видеоконференсалоқа воситасида «Ўзбекистон-АҚШ-Афғонистон» уч томонлама ҳамкорлик шакли Хавфсизлик бўйича қуйи қўмитасининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарида келтирилишича, тадбирда қуйи қўмита ҳамраислари – Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Салимжон Хусанов, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиков, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ненси Жексон, АҚШ Мудофаа вазири ёрдамчиси ўринбосари Томас Крочи, Афғонистон Президентининг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Салам Шаҳ Ибраҳими, Афғонистон Миллий мудофаа вазири ўринбосари Абдулҳай Рауф, учта давлатнинг мутасадди вазирлик ва идораларнинг вакиллари иштирок этди.
Томонлар жорий эпидемиологик ҳолат юзасидан фикр алмашдилар, коронавирус инфекциясининг минтақавий ва глобал хавфсизликка таъсирини муҳокама қилдилар. СОВИД-19 оқибатларини бартараф этиш учун кучларни бирлаштиришнинг зарурлиги қайд этилди.
Наркотрафик ва терроризмга қарши курашиш самарадорлигини ошириш учун томонларнинг соҳа идоралари ўртасида чегараларни қўриқлаш ва ахборот алмашиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг муҳимлиги таъкидланди.
“Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” кун тартиби бўйича муносабатларнинг долзарб жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Аёллар ва қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, уларга нисбатан куч ишлатиш ва хотин-қизларнинг сифатли таълим олиши борасидаги муаммоларни ҳал қилиш механизмлари муҳокама қилинди.
Йиғилишда қўшма кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.