Элчи Жон МакГрегор: Дунё миқёсида ёшлар эҳтиёжлари ва ҳуқуқларига эътиборни қаратиш жуда муҳимдир
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, элчи Жон МакГрегор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари» инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форуми иштирокчиларига йўллаган табригидаги масалалар муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
— Президент Шавкат Мирзиёев Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчиларига йўллаган табригида Ўзбекистонда ёшлар мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этади, деб таъкидлади ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланишини қайд этди, — деди элчи. — Шунингдек, у «келажакка интилиб яшайдиган ёш авлод сайёрамизда фаровон ҳаёт ва юксак тараққиёт барқарор бўлиши учун янги ғоялар ва ижодий руҳдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширадиган беқиёс куч» эканини таъкидлагани ҳам муҳимдир.
Юқоридаги таъриф Президент ёшларнинг Ўзбекистон ва дунё учун аҳамияти ҳақидаги нуқтаи назарини аниқ намоён этди. Таъкидлаш жоиз, Самарқанд форумининг асосий жиҳати БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси лойиҳасининг муҳокамаси бўлди. Президент сўзларига кўра, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция «жаҳондаги икки миллиарддан ортиқ йигит ва қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш» учун муҳимдир. Бу «глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқларини, тинчлик ва тараққиётни таъминлаш йўлида навқирон авлод томонидан қўйилган муҳим амалий қадам ва қимматли ҳисса» бўлади.
Юқоридаги шарҳлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёш кадрлар салоҳиятининг аҳамияти ва демографик имкониятларини яхши англашидан далолат беради. Зеро, ёшлар Ўзбекистон учун катта фойда келтиради.
Президент таъкидлаганидек, тўғри йўналтириш ҳисобига «интеллектуал ва маънавий етук, ташаббускор ёшлар барқарор тараққиётнинг драйверига айланмоқда». У шунингдек, «Янги Ўзбекистон ёшлари – мамлакатни модернизация қилишга қаратилган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқда», деди. Бу, шубҳасиз, Ҳаракатлар стратегиясида ва ЕХҲТ мажбуриятларига мувофиқ миллий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидир. Алоҳида таъкидлаш жоиз, ЕХҲТ ушбу ислоҳотларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди.
Ёшлар эҳтиёжлари ва ҳуқуқларига эътиборни қаратиш дунёнинг исталган жойида муҳим, зеро, ёшлар – келажагимиздир. Уларни тўғри тарбиялаш, ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон ҳамда дунё келажагининг гаровидир. Президент сўзларидан кўриниб турибдики, Ўзбекистон ушбу масалада дунёда етакчиликни намойиш қилмоқда ва барчамиз учун яхши келажакка интилмоқда.