Махсус комиссия Ўзбекистон аҳолисига мурожаат билан чиқди
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси мамлакатимиз аҳолисига навбатдаги мурожаатни йўллади, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Мурожаатда, жумладан шундай дейилади:
“Аввало, мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча фуқароларга 2020 йил 10 июлдан буён жорий этилган карантин чекловларига қатъий ва интизомли равишда риоя этганлари учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Бу коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ ҳолатни барқарорлаштириш имконини яратди.
15 августдан бошлаб мамлакатимизда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида карантин чекловлари юмшатилмоқда.
Карантин қоидаларини юмшатиш уни бекор қилишни англатмайди. Касалланишлар сони кўпайишининг олдини олиш мақсадида, Комиссия фуқаролар томонидан шахсий ҳимоя чораларига қатъий риоя қилишни давом эттиришларини сўрайди. Шу жумладан:
- жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш;
- ижтимоий масофани сақлаш;
- қўлларни мунтазам ювиш ва антисептик гигиена воситаларидан доимий фойдаланиш.
Ушбу қоидаларга амал қилмаслик касалликнинг қайта авж олишига ва натижада қаттиқ карантин чоралари такроран кучга киритилишига олиб келиши мумкин”.