Хорижлик мутахассис иштирокида енгил атлетика мураббийлари учун онлайн маҳорат дарси ўтказилди
Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси томонидан Сурхондарё, Қашқадарё, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги мураббийлар учун терма жамоада фаолият олиб бораётган хорижлик мутахассис Борис Жгир иштирокида онлайн семинар ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Миллий Олимпия қўмитаси манбасига асосланиб.
Унда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, енгил атлетика федерацияси раиси Андрей Абдувалиев, шунингдек, МОҚ ва федерациянинг мутасадди вакиллари ҳам иштирок этди.
Борис Жгир ўз нутқини ҳозирги даврдан келиб чиққан ҳолда саломатликни сақлаш ва уни назорат қилиш мавзуси билан бошлади. Шунингдек, мутахассис соғлиқни сақлаш, кислород концентрацияси ва ўпка фаолиятини мустаҳкамлашда илғор мамлакатлар тажрибаси ва усуллари ҳақида гапириб берди. Инсон организми, хусусан, спортчилар учун зарур қўшимча рағбатлантирувчи витаминлар истеъмол қилиш юзасидан тавсиялар берди.
Тадбир давомида МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов ҳам сўз олиб, карантин талаблари юмшатилаётганига қарамай қатнашчиларга санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш кераклигини эслатиб ўтди.
— Борис Жгирга қимматли маслаҳатлари учун миннатдорлик билдириб қоламиз. Бу жуда фойдали семинар бўлмоқда. Бундай вақтда инсон ўзига ғамхўрлик қилиши ва ўз саломатлигини ўйлаши керак. Касал бўлишдан кўра унинг олдини олган яхши. Давлатимиз раҳбари айтганидек, биз бундай шароитда яшаш ва ишлашга ўрганишимиз керак, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
Шунингдек, МОҚ раҳбари спортчилар учун ўқув-машғулот йиғинларини ташкил қилиш ҳақида маслаҳатлар берди.
Борис Жгирнинг таъкидлашича, бундай вазиятда очиқ ҳавода машғулот ўтказиш мақсадга мувофиқ. Масофани сақлаш ва шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш асосий талаблардан биридир.