Пўлат Бобожонов:Ўзбекистон қамоқхоналарни тадқиқ қилиш халқаро марказидаги ўрнини 70 поғонага яхшилади
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзА мухбирига берган интервьюсида ички ишлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, вазир суҳбат давомида Ўзбекистон жазони ижро этиш муассасалари фаолияти, бу ерда сақланаётганлар маҳбуслар ҳақида маълумот берди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
– Сўнгги вақтларда чет эл жазони ижро этиш тизими тажрибаси атрофлича ўрганилиб, таҳлил қилиб чиқилди. Ўрганиш натижаларига кўра, қатор давлатларда жазони ижро этиш тизимига оид масалаларга тегишли айрим маълумотлар интернет тармоғида умумий фойдаланиш учун очиқлиги маълум бўлди. Бу эса халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот тузилмалари томонидан ушбу мамлакатлар пенитенциар тизимига доир аниқ маълумотларга асосланган рейтинглар тузиш ва унга холис баҳо бериш имконига эга бўлади.
Лондонда жойлашган Қамоқхоналарни тадқиқ қилиш халқаро маркази томонидан 2019 йилда эълон қилинган маълумотга кўра, республикамизда ҳар 100 минг аҳолига 150 нафар жазо ўтаётган шахс тўғри келиши, тизимда 43,9 минг нафар шахс сақланаётгани кўрсатилиб, Ўзбекистон бу борада 222 давлат ичида 105-ўринни эгаллаган.
Аслида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигининг либераллаштирилиши натижасида сўнгги ўн йилликда жазо муддатини ўтаётган шахслар сони кескин қисқарди. Реал ҳолатга кўра, бугунги кунда жазони ижро этиш тизимидаги маҳкумлар сони 22,9 минг нафарни ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 67 нафар шахс тўғри келади.
Ушбу маълумотларнинг очиқланиши Ўзбекистоннинг мазкур рўйхатдаги кўрсаткичи 70 поғонага яхшиланишини кўрсатади. Ҳозирда ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси тасарруфида 43 жазони ижро этиш муассасаси ва 11 тергов ҳибсхонаси мавжуд. Муассасаларнинг 18 таси ёпиқ турдаги колония ва 25 таси манзил-колония ҳисобланади. Жазони ижро этиш тизимидаги колонияларнинг сиғимига нисбатан сақланаётганлар кўрсаткичи 56,4 фоизни ташкил қилмоқда.
Жазони ижро этиш муассасаларининг ишлаб чиқариш фаолияти, ишлаб чиқарилаётган товар маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам бундан буён расмий сайтларда эълон қилиб борилади. Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар орасидаги ўлим ҳолатлари ҳамда тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланиладиган шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар ҳам эндиликда махфий саналмайди.