Ўзбекистондан ташқарида ишга жойлашишни режалаштирган фуқаролар учун енгилликлар белгиланди
Ўзбекистон Республикасининг “2018 йил 16 октябрдаги «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуни қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Киритилган ўзгартишларга кўра, Ўзбекистондан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар учун ҳақни иш қидираётган шахслардан эмас, балки иш берувчилардан ундириш белгиланди.
Қонунга кўра, юқоридаги хизматларни кўрсатувчи хусусий бандлик агентликлари БҲМнинг 8 500 баравари миқдоридаги маблағни Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида захира қилиб қўяди (амалда бу миқдор 50 минг АҚШ долларини ташкил қилади).
Хусусий бандлик агентликлари ишга жойлаштириш соҳасида тақдим этадиган ахборот ва маслаҳат хизматларининг қиймати БҲМнинг бир бараваригача миқдорда (223 минг сўм) белгиланди (амалда шартнома асосида ёки бепул кўрсатилади).
Шунингдек, қонунда хусусий бандлик агентликларининг чет эллик иш берувчи, шериклар билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузиши ҳам зарурий шарт қилиб белгиланди.
Хусусий бандлик агентликларига улар томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномани “labor-migration” ахборот тизимида реал вақт режимида рўйхатдан ўтказиш мажбурияти юклатилди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, Қонун 2020 йилнинг 13 августда қабул қилинган ва 14 август куни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган.