Элчихонанинг "Олтин китоби" да 71 нафар Ўзбекистон фуқароси номи қайд этилган
Ўтган дам олиш кунлари Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси вакиллари Тегу ва Кочхан шаҳарларида бўлиб, бир гуруҳ ватандошлар билан учрашувлар ўтказди, дея хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.
Учрашувда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан фуқароларимизнинг имкониятларидан мамлакат тараққиётига инвестиция ва интеллектуал нуқтаи назардан самарали фойдаланиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Шу билан бирга, ватандошлар капиталини Ўзбекистонга жалб қилишга тўсқинлик қилувчи асосий сабаб ва омиллар, шунингдек, хатарларни камайтириш, улар ҳуқуқлари ва кафолатларини қонуний равишда мустаҳкамлаш бўйича улар фикр ва таклифлари ўрганилди.
Суҳбат чоғида ватандошлар ўз қарашлари билан ўртоқлашди, Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар учун янги иш ўринлари яратишга тайёр эканликларини билдиришди.
Бу каби мақсадлар учун 10 нафар ватандош бошланғич капитал миқдори 1,2 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш истагини билдирди. Ушбу ватандошлар лойиҳалари пухта ўрганиб чиқилгандан сўнг мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси томонидан шакллантирилган "Олтин китоб"га киритилган ва шу тариқа 71 нафар Ўзбекистон фуқаросидан жалб қилинган инвестицияларнинг умумий ҳажми 9,3 миллион АҚШ долларидан ошди.
Элчихона Жанубий Корея вилоятларига сафар давомида бу борадаги ишларни тизимли равишда давом эттиришни режалаштирган.