Меҳнат муҳожирлари учун янгича тизим яратилади
Президентимиз 17 август куни хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди. Унда чет элларда ишлаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Бу борада белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича тегишли ташкилотларнинг мутасадди раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.
— Йиғилишда Президентимиз томонидан барча тегишли вазирликларга, хусусан, Ташқи ишлар вазирлиги олдига аниқ масалалар қўйилди. Албатта, биз бугун ташқи меҳнат миграцияси борасида қиладиган ишларимиз ҳали жуда кўплигини яна бир карра теран англаб олдик. Меҳнат муҳожири бўлиб юрган фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш учун ҳуқуқий механизмларни шакллантириш, улар билан мунтазам мулоқот ўрнатиш, ҳолидан хабар олиш, бундан ташқари, элчихоналаримиз билан биргаликда меҳнат мигранти мақомидаги фуқароларимизнинг электрон базасини шакллантириш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш олдимиздаги асосий вазифалардан ҳисобланади.
Яна бир муҳим йўналиш муҳтарам Президентимиз томонидан белгилаб берилди. Бу салоҳиятли ватандошларимизнинг имкониятларидан фойдаланишдир. Ўзбекистоннинг тараққиётига у ёки бу маънода хизмат қила оладиган салоҳиятли инвестор ёки хориждаги нуфузли илм масканларида ишлаётган профессорлар, халқаро ташкилотларда ишлаётган ватандошларимиз бўладими, уларни мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшишга жалб қилиш, бу борада ҳам ишларни тизимли тарзда йўлга қўйиб, зарур чора-тадбирларни амалга ошириш, ушбу йўналишдаги илғор хорижий тажрибани ўрганиб, Ўзбекистон шароитида қўллаш бўйича ҳам аниқ топшириқлар берилди. Биз бу топшириқларнинг ижросини, албатта, таъминлаймиз.
Фарҳод АРЗИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари
“Янги Ўзбекистон” газетаси, 18.08.2020 йил.