Ўзбекистон ва Туркманистон ТИВ вакиллари консуллик масалалари бўйича маслаҳатлашувлар ўтказди
Кеча, 18 август куни Ўзбекистон билан Туркманистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида видеоконференцалоқа шаклида навбатдаги консуллик маслаҳатлашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокараларда икки мамлакат ташқи сиёсат идораларининг консуллик хизматлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.
ТИВда маълум қилишларича, дўстона, конструктив ва хайрихоҳлик руҳида ўтган маслаҳатлашувлар чоғида томонларни қизиқтирган қатор консуллик масалалари ва ушбу йўналишдаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари батафсил муҳокама қилинди.
Миграция соҳасидаги ҳамкорликка, мавжуд икки томонлама шартномалар қоидаларини амалга оширишга, икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида идоралараро ҳамкорликни фаоллаштириш ва консуллик, ҳуқуқий ва миграция соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида келишувга эришилди.