Польша парламенти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси янги таркибдаги Польша Сеймининг бир гуруҳ депутатлари билан учрашди. Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро ва икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар давомида Польша парламенти аъзоларига Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги жорий ривожланиш босқичи, шунингдек, қонунчилик фаолиятининг асосий йўналишлари тўғрисида маълумот берилди.
Ўз навбатида, Польша Сейми депутати К.Бортничук Польша сенаторлари ва депутатлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ижобий баҳолашларини маълум қилди. Польша томони ушбу жараёнга ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.
У Ўзбекистонда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва миллий тотувликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар сиёсий ва ҳуқуқий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Депутат фикрига кўра, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар кенгаймоқда. Польша Ўзбекистон маҳсулотларини Европа бозорига етказиб беришда муҳим ўрин тутади.
“Польшада пандемия ва қурғоқчилик даврида амалга оширилган маркетинг таҳлиллари келгуси йилларда Польша бозори жадал равишда тикланиб, тўқимачилик ва мева-сабзавот маҳсулотларини, шу жумладан, Ўзбекистон маҳсулотларини импорт қилишни бошлашини кўрсатмоқда. Бу эса ҳар икки мамлакат учун бирдек манфаатлидир”, деди парламент вакиллари.