Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш истагидаги Польша банклари сони ортмоқда
Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Баҳром Бобоев ушбу мамлакатнинг қатор етакчи молия институтлари – “ING Bank Śląski”, “Pekao Bank”, “PKO Bank” ва “Bank Zachodni WBK” банклари раҳбарлари билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Польша банкирлари Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, энергетика, қишлоқ хўжалигида эришаётган ютуқлари, банк-молия тизимини такомиллаштириш, барқарор иқтисодий ўсиш ва турмуш даражасини яхшилаш учун яратилган мустаҳкам ҳуқуқий асослар билан таништирилди.
Мулоқот чоғида давлат ва корпоратив тармоқнинг кредиторлар олдидаги молиявий мажбуриятларини таъминлаш, банк соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш ва Олий Мажлиснинг қонунчилик фаолиятида иштирок этиш, маслаҳат, эксперт хизматларини кўрсатиш, шунингдек, халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Миллий банк тизими, банк инфратузилмасини ривожлантириш ва ахборот таъминоти, банк хизматлари стандартларини яратиш ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик истиқболлари ўрганилди.
Банк вакиллари Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан иқтисодиётни либераллаштириш, экспортни ривожлантириш ва инвестицияларни кўпайтиришга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади.
Улар фикрига кўра, Ўзбекистонда Интернет-банкингнинг янги имкониятлари, интерфаол хизматлар, хусусан, энг янги ахборот технологияларидан фойдаланиш банк-молия институтлари билан мижозлар ўртасидаги муносабатларни яхшилашга хизмат қилмоқда. Бу “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" Давлат дастурида белгиланган вазифаларга тўлиқ мос келади.
Учрашув иштирокчиларининг қайд этишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда хорижий инвестицияларнинг сезиларли даражада ўсиши кузатилмоқда, бу асосан банк-молия соҳасининг яхшиланиши билан боғлиқ бўлиб, миллий иқтисодиётнинг йиллик ўсиш суръати ва ташқи савдо барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Суҳбат давомида ҳамкор мамлакат вакиллари Польша банкларининг Ўзбекистон молия институтлари билан ўзаро шериклик алоқаларига қизиқиш билдирди. Польшанинг учта йирик банки – Польша Халқ банки (БГК), “Pekao Bank” ва “ING Bank Śląski” Ўзбекистондаги банклар билан фаол ҳамкорлик қилаётгани қайд этилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг молиявий сиёсати, албатта, замонавий талаб ва тенденцияларга жавоб беради. Банк фаолиятини тартибга солишнинг энг янги тамойиллари ва механизмларининг инновация асосида жорий этилиши иқтисодиётдаги кредит ташкилотлари ролини ўзгартиришнинг аҳамияти чуқур англашилаётганидан далолатдир. Бу, биринчи навбатда, дунёдаги шериклар билан мураккаб тижорат битимлари ва лойиҳаларига ҳар томонлама хизмат кўрсатишга тайёр бўлган юқори технологияли молия институтини шакллантиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг инвестиция стратегиясини амалга ошириш, айниқса, банк ва божхона маъмуриятчилиги соҳасида меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шунингдек, хорижий инвестициялар устидан назоратни либераллаштиришни талаб қилади. Бу бизнес ва инвестиция комиссиялари механизмини ишга тушириш, халқаро молия институтларининг Ўзбекистон иқтисодиёти устувор тармоқларига йўналтирилган инвестициялар ҳажмини оширишга имкон беради.
Мулоқот чоғида таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг молиявий-иқтисодий салоҳияти иқтисодиётни диверсификациялашни жадаллаштириш ва унинг самарадорлигини оширишда хомашё йўналишини енгиб ўтиш учун муҳим воситадир.
Тадбир якунида Польша банклари раҳбарлари ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини тасдиқлашди.
Яқин келажакда мамлакатларимиз пандемия ҳолатидан ишончли тарзда чиқиб кетишига ва молиявий-иқтисодий алоқалар кенгайишига, баков тузилмалари ўртасида шериклик ўрнатилишига ишонч билдирилди.