Европадаги ватандошлар навбатдаги чартер рейс билан Ўзбекистонга қайтарилди
Бугун маҳаллий вақт билан соат 03:30 да Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига бортида 220 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган Латвиянинг «SmartLynx Airlines» компаниясига қарашли «Airbus A321» самолёти келиб қўнди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Самолёт бортида Польшада коронавирус сабабли белгиланган қатор тартиблар туфайли қолиб кетган Ўзбекистон фуқаролари, талабалар, тадбиркорлар ва мигрантлар бор эди.
Шунингдек, мазкур рейс билан Германия, Франция, Испания, Буюк Британия ва Австрияда таҳсил олаётган 17 нафар ўзбекистонлик талаба ҳам ватанга қайтарилди.
Ушбу чартер рейс Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси томонидан Ташқи ишлар ва Транспорт вазирликлари билан биргаликда, пандемия пайтида ватанга қайтиш истагидаги Ўзбекистон фуқароларига ёрдам бериш мақсадида амалга оширилди.
Таъкидлаш керак, мамлакатимизнинг Польшадаги дипломатик ваколатхонаси Варшава аэропортида баъзи ватандошларимизнинг виза муддатлари тугагани билан боғлиқ муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш чораларни кўрди. Бу борада Польша чегара хизмати Бош комендантлигининг Чет элликлар билан ишлаш бошқармаси катта ёрдам кўрсатди. Натижада, ватандошларимиз чегарани кесиб ўтиш билан боғлиқ ҳужжатларни тайёрлашда ҳеч қандай қийинчиликларга дуч келмадилар. Самолёт 14 июль куни Варшава вақти билан 19.30 да Тошкентга учиб кетди.