Польшалик тадбиркор: Польша пандемия шароитига қарамасдан Ўзбекистондан маҳсулотлар импортини оширмоқда
Польшанинг «Global Business Promotion Group» холдинг компанияси 2014 йилдан бери Ўзбекистон бозорида фаолият юритади. Шу вақт давомида Европа Иттифоқи мамлакатларига Ўзбекистон тўқимачилик ва мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш билан шуғулланиб келмоқда. Компания 40 дан ортиқ давлат билан ҳамкорлик қилади. Жорий йилда польшалик тадбиркорлар Ўзбекистондан импорт қилинадиган маҳсулот турларини янада кенгайтиришни режалаштирган.
Компания бош директори Марек Вардецк «Дунё» АА мухбири билан суҳбатда яқин истиқболдаги режалар, шунингдек, Ўзбекистонда бизнес юритиш имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.
— Ўзбекистон тадбиркорлари билан 2014 йилдан буён муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқдамиз, — деди у. — Гўзал мамлакатингиз, унинг урф-одатлари ва одамлари билан яқиндан танишиш бахтига муяссар бўлдим. Ана шу омиллар сабаб 2018 йил Тошкентда «Global Business Promotion Group»нинг офисини очишга қарор қилдик.
Фаолиятимизнинг асосий йўналиши Ўзбекистондан Польшага ва Польшадан Ўзбекистонга, шунингдек, дунёнинг бошқа мамлакатларига маҳсулотлар импорт-экспортини ташкил этишга асосланган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги сиёсати, хусусан, иқтисодий соҳадаги ўзгаришлар сабаб хорижий компанияларнинг савдо-иқтисодий фаолиятини самарали ташкил қилиш, хорижий инвесторларга Ўзбекистонда бизнес бошлаш осонлашди.
Биз Ўзбекистон маҳсулотлари — пахтадан тайёрланган трикотаж маҳсулотлари, қуритилган мевалар, ёнғоқлар, майиз, пиёз ва бошқа қишлоқ хўжалик ноз-неъматларини Европа бозорларига олиб киришни ташкил қиламиз.
Пандемияга қарамай, Польша 2020 йил Ўзбекистондан маҳсулотлар импортини кўпайтирди. Бугунги кунда Польша Европа Иттифоқида (Франциядан кейин) мамлакатингиздан маҳсулотлар импорти ҳажми бўйича иккинчи ўринда туради. Ўзбекистон – Польша муносабатлари тарихида биринчи марта бу йил 130 тонна юқори сифатли ўзбек гилосини, шунингдек, 320 тонна қовун ва тарвузни импорт қилишга муваффақ бўлдик.
Польшадаги пандемия пайтида ўтказилган маркетинг таҳлили келгуси йилларда мамлакат бозори жадал равишда тикланишни ва Ўзбекистон тўқимачилик ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларининг импортига йўналтирилишини тасдиқлади. Маҳсулотларингиз сифатини аллақачон юқори баҳолаган Европа бозорлари бугун Ўзбекистондан экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг Европа томон кенг йўналтирилишини кутмоқда. Бу ҳамма учун фойдалидир ва Ўзбекистон бу масалада минтақада ҳал қилувчи ўрин тутиши мумкин. Мамлакатда Европага экспорт қилиниши мумкин бўлган юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бироқ бунинг учун транспорт ва логистика нуқтаи назаридан мавжуд муаммоларни бартараф этиш керак.
Ўзбекистон айрим турдаги маҳсулотлар, шу жумладан мева-сабзавот ва тўқимачиликда дунёда кам рақобатчиларга эга. Бундан ташқари, товарларни Европада сотишдан тушган фойда юқори. Ҳозирги пайтда мамлакатингизнинг экспорти учун мавжуд янги салоҳиятли бозор билан Ўзбекистон хизмат кўрсатаётган Россия, Хитой ва Қозоғистон бозорлари ўртасидаги мавжуд нархлардаги тафовут Ўзбекистон экспортини диверсификация қилишнинг катта афзалликларини намойиш этмоқда.
Таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон Европа Иттифоқига экспорт қиладиган тўқимачилик маҳсулотларининг 40 фоизи Польша улушига тўғри келади. Тўқимачилик маҳсулотларининг сифатини таъминлаш стандартлари ва инфратузилмасидаги жиддий тафовутларни бартараф этиш Ўзбекистоннинг янги ва даромадлироқ бозорларга чиқишини осонлаштиради. Шу қаторда, пахта ва боғдорчилик ҳудудларига мавжуд суғориш тизимларига кўпроқ сармоя киритиш керак.
Бизнинг навбатдаги вазифамиз — Польшадан янги инвесторларни жалб қилиш. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси билан яқин ҳамкорликда салоҳиятли сармоядорлар билан учрашувлар ташкил этяпмиз, уларга Ўзбекистондаги иқтисодий вазият ва иш тамойиллари ҳақида маълумот беряпмиз. Янги сармоядорларнинг мамлакатга бўлган ишончини ҳис қилишлари учун барча жиҳатларга эътибор қаратиляпти.
Масалан, Ўзбекистон учун янги сармоядор сифатида «Zakrzewscy» гўштни қайта ишлаш заводи раҳбари Дариуш Закшевскини қайд этиш мумкин. У 2020 йил март ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши тумани ҳокимияти раҳбарияти билан учрашди.
Лойиҳа доирасида Қашқадарё вилоятида кунига 100 тонна сутни қайта ишлаш ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган янги заводни қуриш режалаштирилмоқда. Иш шу йилнинг кузида бошланиши керак эди. Аммо пандемия бизнинг режаларимизга ўзгартиришлар киритишга ундади. Шу боис лойиҳани 2021 йил бошида амалга оширишни бошлашга умид қиляпмиз.
Польшанинг «Global Business Promotion Group» компанияси Латвиянинг «DFG Invest» компанияси билан биргаликда «Salam Telecom» уяли банк платформасини очишга тайёргарликни бошлади. Бу республиканинг барча фуқароларига тақдим этиладиган телефон орқали тўловларни амалга ошириш учун биринчи замонавий платформа бўлади.
Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат молиявий-иқтисодий соҳасидаги янги ташаббуслари иқтисодиётни диверсификация қилишни тезлаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш учун хомашёга ихтисослашишни енгиб ўтишнинг энг муҳим воситаси ҳисобланади.
Шунингдек, биз Европа Иттифоқида, шу жумладан Польшада бизнес бошлашдан манфаатдор бўлган барча компания ва мутахассисларни ҳамкорликка таклиф қиламиз.