Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегациясининг Россияга ташрифи доирасида инвестиция, молия ва транспорт соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегациясининг Россия Федерациясига ташрифи доирасида Москва шаҳрида мамлакатимиз Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов вазирликлар, идоралар ва молиявий ташкилотлар раҳбарлари билан қатор учрашув ўтказди. Улар давомида жорий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва яқин истиқболдаги режалар муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбаси хабарида келтирилишича, Россия Федерацияси молия вазири Антон Силуанов, Россия Федерацияси «ВЭБ.РФ» Давлат ривожланиш корпорацияси раиси Игор Шувалов ва «Россия темир йўллари» бошқаруви раиси — бош директори Олег Белозеров билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Россия Федерацияси молия вазири Антон Силуанов билан учрашув доирасида томонлар молиявий-техник ҳамкорлик соҳасидаги ривожланиш динамикаси ва эришилган натижаларни ижобий баҳоладилар. Пандемия шароитида молиявий барқарорликни таъминлаш ҳамда ҳар икки мамлакат саноат ва иқтисодиётларининг муҳим секторларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида конструктив фикр алмашилди.
Кадастр хизмати, солиқ органлари ва молия тизими салоҳиятини кучайтириш, шунингдек, Рақамли бюджет технологияларини жорий этиш ҳамда Ягона ғазна ҳисоби тизимини такомиллаштириш орқали Ўзбекистон молия секторини рақамлаштиришга йўналтирилган ташаббусларнинг амалга оширилишини назарда тутган ҳолда молиявий-техник соҳасида яқин ҳамкорликнинг улкан салоҳияти қайд этилди.
Учрашув якунлари бўйича молия соҳасидаги шерикликни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини, шунингдек, амалга оширилиши режалаштирилган аниқ тадбирларни ўз ичига оладиган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.
Россия Федерацияси “ВЭБ.РФ” Давлат ривожланиш корпорацияси раиси Игор Шувалов билан музокаралар кун тартибида қурилиш, кон қазиш сектори, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида саноат кооперациясининг янги қўшма лойиҳаларини молиялаштириш йўли билан инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Маълумот учун: “ВЭБ.РФ” давлат корпорацияси - активлари 51 миллиард АҚШ доллар бўлган Россиядаги энг йирик ривожланиш институтидир. У инфратузилма, саноат, ижтимоий соҳани ривожлантиришга, технологик салоҳиятни мустаҳкамлашга ва ҳаёт сифатини оширишга йўналтирилган кенг кўламли лойиҳалар молиялаштирилишини амалга оширади.
“ВЭБ.РФ” раҳбарияти билан суҳбат чоғида қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб чиқилаётган қатор лойиҳаларни келишишни тезлаштириш, транспорт ва логистика соҳасида давлат-хусусий шериклиги асосида лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганиш бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги истиқболли инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришнинг қўшимча механизмларини ишлаб чиқиш бўйича келгусидаги ҳамкорликка тайёрлик билдирилди.
“Россия темир йўллари” ОАЖ бошқаруви раиси - бош директори Олег Белозеров билан музокаралар давомида халқаро юк ташиш соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари ҳамда темир йўл транспорти соҳасидаги қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.
Суҳбатда ривожланган темир йўл қатновлари тизими мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг асосий таркибий қисмларидан бири эканлиги ва жорий эпидемиологик вазиятда иқтисодий фаолликни таъминлашда муҳим роль ўйнаётганлиги айтилди.
Суҳбат чоғида, шунингдек, темир йўл транспорти тизимини ислоҳ қилиш, тарифларни оптималлаштириш ва транзит салоҳиятини ошириш соҳасида тажриба алмашишдан томонлар манфаатдор эканликларини таъкидладилар.
Шунингдек, халқаро юк ташиш ва минтақалараро транспорт йўлакларини ривожлантириш соҳасида ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.