Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизда меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини ошириш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида:
1. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда:
2021 йил 1 январга қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Ишга марҳамат” мономарказларини 1-иловага мувофиқ;
бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларини 2-иловага мувофиқ;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Тошкент шаҳри туманларида қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларини 3-иловага мувофиқ;
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларини 4-иловага мувофиқ ташкил этсин.
2. Вазирлик доимий равишда нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини жалб қилиб, аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитишни ташкил этсин. Бунда, хусусий сектор имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида:
а) нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ташкил этаётган хусусий инвесторларга қуйидагилар давлат ёрдами сифатида кўрсатилади:
нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ташкил этиш учун Вазирликнинг “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг, касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларининг бинолари ёки уларнинг бир қисми ҳамда маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига кўра бошқа бўш турган бинолар ёки уларнинг бир қисми оператив бошқарувга ёки узоқ муддатли имтиёзли ижарага берилади;
ўқув дастури ва ўқитувчиларни мустақил танлаш ҳуқуқи берилади;
касб-ҳунарга ўқитиш марказлари бинолари бир қисми берилган тақдирда мазкур марказларнинг ўқув жиҳозлари ва анжомлари имтиёзли равишда фойдаланишга топширилади;
нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ўқитиш учун давлат буюртмасининг кафолатланган энг кам даражасини белгилаш;
б) нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари олинаётган давлат ёрдами эвазига қуйидагиларни таъминлайди:
касб-ҳунарга ўқитиш ва кўникмаларни баҳолаш сифатининг ташқи ва миллий меҳнат бозори талабларига мослигини;
ишсиз, камбағал фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш харажатларини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан тўланаётган давлат буюртмасининг миқдоридан оширмасликни;
касбий кўникмалари баҳоланаётган фуқаролар тўғрисида маълумотларни Вазирликнинг Тасдиқланган малакага эга шахслар Миллий реестрига қўшиш учун тақдим этишни;
в) нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида таълим олган ҳамда WorldSkills ва бошқа халқаро стандартлар даражасида касбий малака сертификатини (Skills паспорти) олган битирувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги имтиёзлар берилади:
касб-ҳунарга ўқиш ва малака имтиҳонини топшириш харажатларини қоплаш;
тадбиркорликка жалб этиш ва ўзини ўзи банд қилганлик учун рағбатлантириш субсидияларини ажратиш;
ўз бизнесини бошлаши учун имтиёзли кредит ажратишга йўлланма бериш.
3. Қуйидагилар:
Камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиш ва уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби 5-иловага мувофиқ;
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишчи кучининг рақобатбардошлигини ошириш дастури 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки, мазкур қарорнинг 1 ва 2-бандларига мувофиқ ўқитиш харажатлари қуйидаги манбалар ҳисобидан қопланади:
меҳнат органлари йўлланмаси билан юборилган ишсиз фуқароларни ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари;
бошқа фуқаролар учун – фуқароларнинг ўз маблағлари ёки ўз ишчиларини касбий малакасини ошириш учун (касбий ўқитиш, қайта ўқитишга) юборган иш берувчилар ёки янги ишчиларни касбга тайёрлаш учун буюртма берган ташкилотлар маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Молия вазирлиги бир ой муддатда ушбу қарорга 1-иловага мувофиқ “Ишга марҳамат” мономарказларини ва 2-иловага мувофиқ касб-ҳунарга ўқитиш марказларини сақлаш, қайта таъмирлаш, асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълим усталарининг иш ҳақларини тўлаш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 2020 йил учун ажратиладиган маблағларга қўшимча равишда 150 миллиард сўм маблағ ажратсин.
6. Вазирлик 2021 йил 1 январдан бошлаб “Ишга марҳамат” мономарказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари битирувчиларининг касбий малакасини WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш, шунингдек, баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатимизда ва хорижий давлатларда тан олинадиган Skills паспорти берилишини йўлга қўйсин ва касбий малакаси тасдиқланган битирувчиларнинг Ягона реестрини шакллантирсин.
“Ишга марҳамат” мономарказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан битирувчиларга берилган ўқишни тамомлаганликни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда Skills паспорти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилиб, эгаллаган билимларни меҳнат фаолиятида амалга ошириш ҳуқуқини беради, бироқ, таълимнинг кейинги турини давом эттириш учун асос ҳисобланмаслиги белгилансин.
7. Белгилансинки, “Ишга марҳамат” мономарказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари:
фаолият йўналишлари Вазирлик томонидан белгиланади, уларнинг фаолияти билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан, моддий-техник таъминлаш ва сақлаб туриш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари, хўжалик фаолияти натижасида тушган маблағлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
таркибий тузилмаси, штатлар жадвали, раҳбар, ўқитувчи ва бошқа барча ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори Вазирлик томонидан тасдиқланади;
ўқув-методик фаолияти Вазирлик ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган тартибда мувофиқлаштирилади;
ўқув жараёнида ишлаб чиқарилган ярим тайёр, тайёр маҳсулотларни (товар, иш, хизматларни) ушбу марказлар ҳудудида жойлашган кўргазмали павильонлар ва ярмаркалар ҳамда электрон тижорат орқали намойиш қилиши ва сотиши (тушган тушумларни ўқув жараёни учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлари ва хомашё материалларини харид қилиш, ходимлар малакасини ошириш ва уларни рағбатлантириш учун сарфлашга йўналтириш шарти билан) мумкин.
8. Вазирлик Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар Вазирлар Маҳкамасининг қуйидагиларни назарда тутувчи қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва киритсин:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар бир ҳудудда камида биттадан “Энг яхши касбга тайёрлаш дастури” бўйича нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари ўртасида очиқ танлов ўтказиш;
танлов ғолиби сифатида таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган, ҳудудларнинг асосан қишлоқ ва чекка жойлари, чегара ҳудудларини қамраб олган ҳолда ишсиз ва банд бўлмаган аҳоли, айниқса, камбағал фуқаролар, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга, чет тиллари ёки тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни зиммасига олган, ўқув дастури ва қўлланмаларига эга, ўқиш жараёнида ахборот-коммуникация воситаларидан ва инновацион ўқитиш услубларидан кенг фойдаланадиган нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасасини аниқлаш.
9. Молия вазирлиги бир ой муддатда “Энг яхши касбга тайёрлаш дастури” танлови ғолибларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 2020 йил учун ажратиладиган маблағларга қўшимча равишда 50 миллиард сўм маблағ ажратсин.
Вазирлик танлов ғолиби аниқлангандан кейин уч кун муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига танлов ғолиблари тўғрисидаги маълумотни тақдим этсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари танлов ғолибларини, зарур ҳолларда, ўн беш кун муддатда ижара тўловлари бевосита танлов ғолиби томонидан тўланиши шарти билан уларни мақбул шарт-шароитларга эга бинолар билан таъминлаш чораларини кўриб борсин.
10. Вазирлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2020 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида тажриба тариқасида:
ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари яратаётган тадбиркорлик субъектларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали ҳар бир яратилаётган иш ўрни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача, бироқ жами ҳар бир тадбиркорлик субъекти учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан ошмаган миқдорда 3 йил муддатга, бир йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида, яратилган иш ўрнида ногиронлиги бўлган шахсларнинг камида бир йил ишлаши шарти билан микрокредитлар ажратиш тартиби жорий этилишини;
ишга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон реестрини шакллантириш ва реестрга киритилган шахсларни бўш иш ўринларига жойлаштиришга кўмаклашишни;
тадбиркорлик субъектларига иш ўринлари ва шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратилишини;
Вазирлик тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож, айниқса, кам таъминланган ва меҳнат мигрантлари оилаларининг аъзолари, ногиронлиги бўлган шахсларни бепул ўқитиш курсларининг ташкил этилишини таъминласин.
Вазирлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 февралга қадар ушбу бандда белгиланган тажриба доирасида амалга оширилган ишлар мониторингини олиб борсин ҳамда тажрибанинг ижобий якунлари бўйича уни кейинчалик доимий асосда жорий этиш юзасидан асослантирилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Солиқ ва Божхона кодексларига асосан Корея Республикаси Ҳукуматининг грантлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар, шу жумладан, Фарғона ва Хоразм вилоятларида ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил этиш учун четдан олиб келинадиган товарлар, шу жумладан, автотранспорт воситалари, ишлар (хизматлар) божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
12. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5812-сон Фармонига мувофиқ касбга ўқитиш марказларини ташкил этиш учун Вазирлик тизимига берилган касб-ҳунар коллежларидаги хорижий грант ва кредитлар ҳисобига сотиб олинган жиҳоз ва ускуналардан ушбу касбга ўқитиш марказларида ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш мақсадларида фойдаланиш;
ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини, шунингдек, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижий мамлакатларда ишлаш учун кетаётган ва “labor-migration” дастурий мажмуасида рўйхатга олинган фуқароларни тадбиркорлик кўникмалари, хорижий тиллар ва касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун кетишдан олдин давлат ёки нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларига, ишлаб чиқаришнинг ўзида ўқитиш учун ташкилот ҳамда “уста-шогирд” мактабларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир таълим олувчи учун бир ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда грантлар ажратиш;
ҳудудий меҳнат органлари томонидан рўйхатга олинган ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш, касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни давлат ёки нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида, бевосита ишлаб чиқаришнинг ўзида ўқитиш учун ташкилот ҳамда “уста-шогирд” мактаблари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш асосида амалга оширишни назарда тутувчи таклифларга розилик берилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси – Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти бошлиғи Вазирлик ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда:
уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари кўпчиликни ташкил этган Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург, Новосибирск шаҳарларида ва бошқа ҳудудларида давлат ҳамда нодавлат таълим муассасалари ва марказлари билан музокаралар олиб бориб, мазкур ҳудудларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини касб-ҳунарга ва рус тилига, айниқса, кечки пайт (иш вақтидан кейин) ўқитишни ташкил этиш, шу жумладан, ўқитиш учун жой, ўқув қўлланмаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш бўйича ўзаро келишувларга эришиш чораларини кўрсин;
икки ой муддатда Россия халқлар дўстлиги университети (РУДН), “Молодые профессионалы (WorldSkills Russia)” иттифоқи ҳамда бошқа таълим ва касбий малакани баҳолаш муассасалари билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерациясида касб-ҳунарга ва рус тилига ўқитилишини ташкил этишда ҳамкорлик ўрнатиш чораларини кўрсин;
бир ой муддатда хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳуқуқий, ижтимоий ва маданий-гуманитар қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерациясида касб-ҳунарга ва рус тилига ўқитиш харажатлари Вазирлик ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
14. Камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиш ва уларнинг бандлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этиш мақсадида мазкур қарор қуйидаги тартибда ижро этилсин:
а) Камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиш ва уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш бўйича республика ишчи гуруҳи раҳбари Ж.А.Қўчқоров мазкур қарорга мувофиқ давлат ва нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларининг самарали фаолият юритишини ҳамда сифатли ва халқаро стандартларга жавоб берадиган касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий этилишини ташкиллаштирсин, шунингдек, ушбу мақсадда ажратилаётган маблағларнинг манзилли сарфланишини таъминласин;
б) бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б.Ҳусанов:
ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини меҳнат бозорининг жорий ҳамда истиқболдаги эҳтиёжлари асосида қисқа муддатларда замонавий касбий кўникмаларга ўқитишнинг самарали дастурларини ишлаб чиқсин;
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга тайёрлашда ва уларнинг бандлигини таъминлашда хусусий сектор вакиллари билан узвий ҳамкорлик қилсин ва уларни моддий қўллаб-қувватласин, шу жумладан, грантлар ажратиб борсин;
Адлия вазирлиги, оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ҳафта муддатда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини ижрочиларга, ташкилотларга, фуқаролик жамияти институтларига ва аҳоли эътиборига етказиш мақсадида чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин;
мазкур қарорга асосан ажратилаётган маблағлар бўйича уларнинг сарфланиш йўналишлари, самарадорлик натижалари юзасидан маълумотларни ҳар чорак якуни бўйича жамоатчиликка эълон қилсин ва ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштириб борсин;
ушбу қарорнинг ижроси ҳолати тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борсин;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ўқитиш жараёнларига юқори малакали ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълим усталари жалб этилишини таъминласин, зарур ҳолларда, уларнинг малакасини WorldSkills ва бошқа халқаро стандартларга асосан ошириб борсин;
в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари бир ой муддатда ҳар бир туман ва шаҳар кесимида камбағал ва ишсиз фуқароларни, айниқса, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига (“темир дафтар”) киритилган оилаларни касб-ҳунарга ўргатиш ва уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш бўйича ҳудудий дастурларни тасдиқласин ва ижросини Вазирлик билан биргаликда таъминласин;
г) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси – Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти бошлиғи давлат ва нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларининг хорижда ишлаш нияти бўлган битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашсин ҳамда мазкур муассасаларнинг хорижий давлатлардаги салоҳиятли иш берувчилар билан узвий ҳамкорлигини ўрнатсин;
д) Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги мазкур қарорга мувофиқ амалга оширилаётган харажатлар самарадорлиги ҳамда қонунийлигини ўрнатилган тартибда текшириб борсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 7-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
16. Вазирлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 11 август
Манба: ЎзА