Польшалик тадбиркор: Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар халқаро кластерларда иштирок этишлари керак
Польшанинг «EP Furniture» компанияси Ўзбекистон билан муваффақиятли ҳамкорликни амалга ошириш билан бир қаторда мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини Польша ишбилармон доиралари орасида фаол равишда илгари сураётган ишончли шерикларидан биридир. Компания 2018 йил Ўзбекистон экспортчилари билан ҳамкорлик қилишни бошлаган. Сўнгги икки йил давомида умумий қиймати 20 миллион доллар бўлган 20 дан ортиқ шартнома имзоланди ҳамда амалга оширилди. 2020 йилнинг ўтган даврида компания Польша ишбилармонлари иштирокида Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш бўйича 10 га яқин семинар ўтказди.
«Дунё» АА мухбири «EP Furniture» компанияси бош директори Ричард Липински билан компания фаолиятининг асосий йўналишлари ва Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари хусусида суҳбатлашди.
— Мен Ўзбекистонни жуда яхши биламан, энг муҳими, олдинги ва ҳозирги мамлакатни фарқлай оламан, - дейди у. - Шунинг учун бизнес шерик сифатида республиканинг иқтисодий ривожланиш истиқболлари, унинг экспорт салоҳияти, шунингдек, ишбилармонлик имкониятлари тўғрисидаги фикрларимни билдирмоқчиман.
Бугун Ўзбекистон янги даврга қадам босган. Бир йил аввал мен мамлакатда бўлиб, у ерда бир ойга яқин вақт давомида яшадим. Айтишим мумкинки, ана шу қисқа вақт мобайнида мамлакатни қанчалик ўзгарганини ўз кўзим билан кўрдим, қалбим билан ҳис қилдим. Ростини айтсам, ўзбек заминини яхши кўриб қолганман. Бахтиёрлик муҳити ҳамма жойда сезилади, одамлар келгусидаги тараққиёт истиқболларига ишонмоқда, ислоҳотларда фаол иштирок этмоқда.
Мен, хусусан, Ўзбекистонни қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори имкониятларга эга мамлакат, деб ҳисоблайман. Республика озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қодир. Мева ва сабзавотларнинг кенг ассортименти етиштирилмоқда, бу эса экспорт бўйича катта истиқболлар мавжуд деганидир.
Сайёрамизда иқлим ўзгариб бораётганлиги сабаб Европада табиий офатлар кўп содир бўлмоқда. Масалан, Польша ва Европанинг қатор бошқа давлатларида бир йил олдин кучли қурғоқчилик кузатилди. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг танқислиги юзага келишига сабаб бўлди. Айнан ўша пайтда биз озиқ-овқат импортининг манбаларини диверсификация қилишни бошладик ва уларни Ўзбекистондан топдик. Мамлакатингизнинг иқлим шароити йилига бир неча марта ҳосил олиш имконини беради.
Мен Ўзбекистоннинг замонавий иқтисодий ривожланишини таҳлил қилдим. Келинг, ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга ундаган асосий омиллар ҳақида сўзлаб берсам.
Аввало, мен Ўзбекистон раҳбариятининг жорий иқтисодий сиёсатини тўғри, деб биламан. Бу нафақат менинг, балки кўплаб маҳаллий ва хорижий ишбилармонларнинг ҳам фикридир. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг натижаси бугунги кунда яққол кўзга ташланмоқда. Республика жадал ривожланмоқда, белгиланган вазифалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Экспортни кенгайтириш иқтисодиётни барқарор ишлаши ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун зарурдир.
Ўзбекистон Европа бозорларида доимий иштирокчига айланиши менинг ишончим комил. Бу бу фикрларимни исботлаш учун етарли далилларим бор.
Ўзбекистон Европадан анча олисда жойлашганига қарамай, транспорт харажатлари унчалик қиммат эмас. Чунки бугун биз Ўзбекистонда экспортчи транспорт харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қопланиб, қўллаб-қувватлаётганини кўраяпмиз. Энди маҳсулотларни Европага етказиб бериш муддатларини қисқартириш устида ишлаш талаб қилинади. Бу, ўз навбатида, савдо ҳамкорлиги самарадорлигини янада оширади.
Бундан ташқари, мен Ўзбекистонда экспорт маҳсулотларини манзилга етказиб беришни давлат томонидан суғурта қилиш тизимини жорий этиш жуда фойдали бўлади, деб ўйлайман. Бу ўзбекистонлик экспортчиларга ўз маҳсулотларини янги шароит ва манфаатли шартларда сотишга имкон беради.
Шунингдек, ўзбек экспортчиларига узоқ муддатли шартномалар тузишни маслаҳат бермоқчиман. Бизга маълумки, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида кластерлар фаолиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Менимча, бу жуда тўғри ёндашув. Шу боис мен ўзбек ишлаб чиқарувчиларини халқаро кластерлар фаолиятига жалб қилиш ташаббуси билан чиқдим. Масалан, Ўзбекистоннинг аграр кластери Польша ёки Европадаги бошқа аграр кластер билан ҳамкорлик ўрнатса ўзбекистонлик экспортчиларнинг узоқ муддатли шартномалар тузиш имконияти кенгаяди.
Яна бир бора такрорлайман, Ўзбекистон тўғри йўналишда ривожланмоқда. Мен бундай мамлакатдаги ишончли шерикларим билан ҳамкорликни давом эттириш ва ўзбек маҳсулотларини Европага экспорт қилиш географиясини кенгайтиришга ҳисса қўшишни режалаштирганман. Бу ишда ёлғиз эмасман. Бугунги кунда Польшадаги кўплаб ишбилармонлар Ўзбекистон билан барқарор ҳамкорлик ўрнатишга интилмоқда.